“Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5597-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида матбуот анжумани пресс-релизи

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси томонидан 2019 йилнинг 24 январь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги “Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5597-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори Ёрқин Турсунов “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабрдаги «Фуқароларнинг пенсия таъминоти тизими самарадорлигини ошириш ва пенсионерларни ижтимоий қўллаб-қувватлашни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПФ-5597-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти” мавзусида маъруза қилди.

Унда таъкидланганидек, 2018 йил 12 декабр ҳолатига мамлакатимизда 118 минг нафардан зиёдроқ ишловчи пенсионерлар бўлиб, уларнинг фақат 40 минг нафари ёки 34 фоизи ўз пенсияларини тўлиқ олишар эди. Мазкур фармон асосида 2019 йил 1 январдан бошлаб барча тоифадаги ишловчи пенсионерларга пенсияларини тўлиқ миқдорда тўланадиган бўлди.

Бу эса, кекса ёшдаги фуқароларга пенсияга чиққандан кейин ҳам мамлакатимизнинг жамоат ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётида тенг иштирокини таъминлашга, ёшларга ўзларининг касбий маҳорати, бой ҳаётий ва меҳнат тажрибаларини сингдиришга имконият яратади.

Бундан ташқари, юқори иш ҳақи ҳисобидан пенсияга чиққан фуқароларга муносиб пенсия миқдорини белгилаш орқали ижтимоий адолат принципини қарор топтириш мақсадида пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун иш ҳақининг максимал миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баробаридан 10 баробаригача оширилиши белгиланди.

Амалдаги тартибга асосан, юқори миқдорда ойлик иш ҳақи олувчи фуқароларга пенсияни ҳисоблашда фақат энг кам ойлик иш ҳақининг  8 баробаригача бўлган даромади инобатга олиниб, ундан юқори қисми ҳисобга олинмас эди.

Мисол учун, ўртача ойлик иш ҳақи - 2200 минг сўм ва иш стажи 35 йил бўлган фуқарога амалдаги тартиб бўйича пенсия ҳисоблашда 1621,8 минг сўм (энг кам иш ҳақининг 8 баравари) инобатга олинган (қолган қисми, яъни 579 минг сўм ҳисобга олинмаган), шундан келиб чиқиб ушбу сумманинг 55 фоизи, яъни пенсиянинг таянч миқдори (892 012 сўм) белгиланиб, талаб этиладиган (25 йил) дан ортиқча ишлаган 10 йилнинг ҳар бир йили учун 1 фоиздан қўшимча ҳисобланиб, пенсиянинг умумий миқдори 1054 минг сўмни ташкил этар эди.

Янги тартиб бўйича эса, ушбу фуқарога ўртача ойлик иш ҳақи 1 621,8  минг сўм эмас, 2027,3  минг сўм (ЭКИҲ нинг 10 баравари) миқдорида ҳисобга олинади. Бунда, пенсиянинг таянч миқдори 1115 минг сўмни, ортиқча ишлаган йиллар учун қўшимчани ҳисобга олган ҳолда пенсиянинг умумий миқдори 1317 минг сўмни ташкил этади ёки 263 минг сўмга ошади.

Шуни таъкидлаш керакки, бу фармон нафақат 2019 йил 1 январдан кейин пенсияга чиқувчиларга, балки ушбу тоифага тушувчи ҳозирги кунда пенсия олиб турган пенсионерларга ҳам тадбиқ этилади ҳамда уларнинг пенсиялари қайта ҳисоблаб чиқилади.

Пенсия жамғармаси томонидан амалга оширилган ҳисоб-китобларга кўра, жами 519 минг нафардан ортиқроқ пенсионерларнинг пенсия миқдорлари ўртача 65 минг сўмдан 263 минг сўмгача оширилди.

Фармонда белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун 2019 йилда жами 1,8 трлн.сўм миқдорида маблағ талаб этилади.

Мазкур харажатлар Олий Мажлис Сенати томонидан тасдиқланган Давлат бюджети, хусусан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг 2019 йилги параметрларида кўзда тутилган бўлиб, Давлат бюджетидан қўшимча маблағ ажратишни талаб этмайди.

Матбуот анжуманида, оммавий ахборот воситалари вакиллари  ҳам соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассисларидан тегишли жавоблар олишди.




Тез-тез бериладиган саволлар