“Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2019 йилга белгиланган асосий вазифалар” мавзусидаги матбуот анжумани пресс-релизи

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси томонидан 2019 йилнинг 8 февраль куни “Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси томонидан 2018 йилда амалга оширилган ишлар ҳамда 2019 йилга белгиланган асосий вазифалар” мавзусида матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори (Ё. Турсунов) Жамғарманинг ўтган йилда амалга оширган ишлар ҳамда 2019 йилга белгиланган асосий режалари хусусида тўҳталиб ўтди.

Таъкидланишича, Пенсия жамғармаси томонидан 2018 йилда 330,5 минг нафар фуқарога пенсия ва ижтимоий нафақалар тайинланган бўлиб 2019 йил 1 январь ҳолатига жами пенсия ва нафақа олувчилар сони 3 485,9 минг нафарга етган, яъни умумий аҳолининг 10,6% ни ташкил этади. Шундан, 3 163,1 минг нафар пенсия ва 322,8 минг нафар ижтимоий нафақа олувчиларга тўғри келади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 28 декабрдаги ПФ-5291-сон Фармонига асосан 2018 йил 1 январь ҳолатига 65 ёш ва ундан ошган ҳамда 2010 йилга қадар пенсия тайинланган фуқароларни пенсиясида аниқланган ортиқча тўловлар қарздорликлари ҳисобдан чиқарилди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 2 июлдаги ПФ-5469-сон ҳамда 2018 йил 13 октябрдаги ПФ-5553-сон Фармонларига асосан 2018 йилнинг 15 июлидан ва 1 ноябридан пенсия ва нафақларнинг миқдорлари мос равишда 7 фоизга ва 10 фоизга оширилиши таъминланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 декабдаги 5597-сон Фармонига мувофиқ, пенсияни ҳисоблаш учун қабул қилинадиган ўртача иш ҳақининг энг юқори миқдорини энг кам ойлик иш ҳақининг саккиз баробаридан ўн баробарига оширилиши ҳисобига 2019 йил 1 январдан 519 минг нафардан ортиқ фуқароларнинг пенсия миқдори қайта ҳисобланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 13 сентябрдаги 731-сон қарорига асосан 2018 йил 1 октябрдан 1 104,6 минг нафар (умумий пенсия ва нафақа олувчиларнинг 32% ортиғига) фуқарога энг кам иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида ҳар ойлик нон пули компенсациялари тўлови амалга оширилди.

Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати, ҳудудий бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари томонидан оммавий ахборот воситаларида 824 маротаба тарғибот-ташвиқот ишлари амалга оширилди (шундан, телевидения 147 та, радиоканаллар орқали 63 та, газета ва журналларда 614). Шунингдек, давлат пенсия таъминотига оид қонунчиликка киритилган ўзгартиришларга ва Пенсия жамғармаси фаолиятига оид 101 та мақола (www.pfru.uz) расмий сайтга жойлаштирилди.

Бундан ташқари, тизимда 6 770 маротаба маҳалла фуқаролар йиғинларида фуқаролар билан сайёр учрашувлар ўтказилиб, пенсия масалаларига оид қонунчилик юзасидан тушунтиришлар берилди ҳамда амалий ёрдамлар кўрсатилди.

Тарғибот ва тушунтириш ишларини фаол олиб борилиши ҳамда сайёр учрашувларни мунтазам равишда ўтказилиши натижасида мурожаатлар сони 2017 йилга нисбатан 10,6 мингтага ёки салкам 50% камайишига эришилди.

Тизимда информацион технологияларни жорий қилиш орқали пенсия ва нафақаларни тайинлаш ҳамда тўлашни ташкил этиш жараёнида инсон омили камайтирилди. Жумладан, пенсия ва нафақа тўлови ведомостларини “Халқ банки”га ва тижорат банкларига фақат электрон шаклда юбориш тизими жорий этилди. Пенсия ва нафақа тўловлари муддатида тўғри амалга оширилганлиги ҳамда фуқароларга пенсия миқдори ва тўлов куни ҳақида маълумот олиш имкониятини яратиш мақсадида, “on-line” тарзида жорий қилинган бепул “SMS-pensiya” интерактив хизматига 1,9 млн. нафардан ортиқ фуқароларнинг мобиль телефонлари уланди.

“Пенсия” дастури билан “Электрон ҳукумат” ахборот тизимини ўзаро электрон боғлаш натижасида фуқароларнинг паспорт маълумотлари автоматик тарзда юкланиши, шунингдек, бола туғилганда ва дафн маросими учун нафақаларни тайинлашда маълумотларни ФҲДЁ ахборот тизими маълумотлари билан электрон шаклда солиштириш механизми йўлга қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 11 апрелдаги ПҚ-3662-сонли қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг 2018 йил 5 майдаги 04/2-946-сон топшириғига асосан, 2018 йил 1 июндан бошлаб давлат пенсия таъминотига оид 4 турдаги хизматлар синов тариқасида республиканинг 14 та туман (шаҳар) давлат хизматлари марказлари орқали амалга оширилиши йўлга қўйилди.

Давлат пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунига 2 маротаба ўзгартиш ва қўшимча киритилди, соҳага оид 4 та меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилди ва давлат рўйҳатидан н ўтказилди.

2019 йилда Пенсия жамғармаси олдида Давлат пенсия таъминоти тизимини ислох қилиш Концепциясини ишлаб чиқиш каби долзарб вазифа қўйилган бўлиб, бунда илғор чет давлатлари тажрибаларини чуқур ўрганган ҳолда амалга ошириш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида, оммавий ахборот воситалари вакиллари  ҳам соҳага оид ўзларини қизиқтирган саволларига бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси мутахассисларидан тегишли жавоблар олишди.




Тез-тез бериладиган саволлар