Иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритиш

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2019 йил 6 майда 3158-сон рақами билан давлат рўйхатидан ўтган «Фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақининг якка тартибдаги ҳисобини юритишнинг марказлаштирилган электрон реестрини шакллантириш ва юритиш тўғрисида»ги Низомга асосан иш ҳақини ҳисобга олиш реестрини шакллантириш ва юритишдан мақсад Давлат солиқ қўмитасининг маълумотлар ягона ахборот базаси негизида фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақини якка тартибда ҳисобга олиш бўйича маълумотларнинг ягона электрон ахборот базасини яратиш ҳисобланади.

Иш берувчи маълумотларни солиқ ҳисоби бўйича жойлашган давлат солиқ хизмати органларига Солиқ кодексида белгиланган муддатларда тақдим этади.

Бунда иш ҳақини ҳисобга олиш реестрида ҳисобга олиниши лозим бўлган маълумотлар электрон шаклда иш берувчи томонидан «Солиқ ҳисоботининг шаклларини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарорнинг (рўйхат рақами 3126, 2019 йил 21 январь) 2-иловасидаги «Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ва ягона ижтимоий тўлов бўйича солиқ ҳисоботи шакллари»га мувофиқ расмийлаштирилади.

Давлат солиқ хизмати органлари Давлат солиқ қўмитасининг марказлашган ахборот базаси орқали маълумотларни электрон сўров келиб тушган куннинг ўзида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига тақдим этади.

Ушбу низомда жисмоний шахс, иш берувчи ва давлат солиқ хизмати органларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам белгилаб ўтилган.

Жумладан, жисмоний шахс иш берувчидан ойма-ой бўлинган ҳолдаги маълумотлар тўғрисида маълумотномани бепул олиш;

Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали фуқароларнинг пенсияларини ҳисоблаш учун зарур бўлган ҳисобланган иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни олиш бўйича давлат интерактив хизматидан фойдаланиш;

иш берувчи томонидан давлат солиқ хизмати органларига тақдим этилган маълумотларда хатоликлар аниқланган тақдирда иш берувчидан маълумотларни тўғрилаш ва қайта топширишни талаб қилиши мумкун.

Давлат солиқ хизмати органлари иш берувчидан якка тартибдаги ҳисобга олиш учун маълумотларни ўз вақтида ва зарур даражада расмийлаштирилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, юридик шахс қайта ташкил этилган (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиш, ўзгартириш) тақдирда, маълумотларни бериш бўйича мажбурият унинг ҳуқуқий ворисига юклатилган ҳамда юридик шахс тугатилган ҳолатларда маълумотлар юридик шахс солиқ ҳисобига қўйилган жойдаги давлат солиқ хизмати органлари томонидан Давлат солиқ қўмитасининг марказлашган ахборот базасида мавжуд маълумотлар асосида берилади.

 

Манба: www.pfru.uz




Тез-тез бериладиган саволлар