Ўзбекистонда неча киши пенсия ва нафақа олади ?

Нуроний қариялар, ногиронлиги бўлган шахслар, боқувчисини йўқотган оилалар учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий  туман (шаҳар) бўлимлари томонидан Ўзбекистон Республикаси “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” қонунига мувофиқ пенсиялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 7 апрелдаги 107-сон қарорига асосан нафақалар тайинланади ва тўлаш учун зарур бўлган маблағлар билан молиялаштирилади.

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3 593 532 нафарни ёки аҳоли сонидаги улуши 10,8%ни ташкил қилди.

Шунингдек, пенсия ва нафақа олувчиларнинг аҳоли сонидаги улуши бўйича кўрсаткич, Тошкент шаҳрида 13,5%ни, Навоий вилоятида 12,0%ни, Тошкент вилоятида 11,8%ни, Бухоро вилоятида 11,6%ни, Фарғона вилоятида 11,2%ни, Андижон ва Сирдарё вилоятларида 10,9%ни, Хоразм вилоятида 10,7%ни, Қорақалпоғистон Республикасида 10,5%ни, Наманган вилоятида 10,1%ни, Самарқанд вилоятида 10,0%ни, Қашқадарё вилоятида 9,6%ни, Сурхондарё вилоятида 9,5%ни ва Жиззах вилоятида 9,0%ни ташкил қилади.

3 593 532 нафар пенсия ва нафақа олувчилардан:

  • ёшга доир пенсия олувчилар - 2 693 877 нафар (75,0%)ни;

  • ногиронлик пенсияси олувчилар - 376 956 нафар (10,5%)ни;

  • боқувчисини йўқотганлик пенсия олувчи оилалар - 177 182 та (4,9%)ни;

  • нафақа олувчилар - 345 517 нафар (9,6%)ни ташкил қилади.

2019 йилнинг 1 январь ҳолатига нисбатан, ёшга доир пенсия олувчилар сони 75 450 нафар (2,9%)га, ногиронлик пенсия олувчилар сони 6 593 нафар (1,8%)га, боқувчисини йўқотганлик пенсия олувчи оилалар сони 3 833 та (2,2%)га ҳамда ёшга доир, ногиронлик ва боқувчисини йўқотганлик нафақа олувчи оилалар сони 22 812 нафар (7,1%)га ортди.

2019 йилнинг январь-июнь ойларида 172 163 нафар фуқароларнинг мурожаатларига асосан илк бор (янги) пенсия ва нафақалар тайинланди (шундан, 117 089 таси  (68,0%) ёшга доир пенсиялар, 14 620 таси  (8,5%) ногиронлик пенсиялар, 10 439 таси  (6,1%) боқувчисини йўқотган оилаларга пенсиялар ва 30 015 таси (17,4%) нафақалар).

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига, Тиббий-меҳнат экспертиза комиссия (ТМЭК)ларининг ногиронлик белгилангани тўғрисидаги тиббий маълумотномалари ва Тиббий маслаҳат комиссия (ТМК)ларининг ногиронлик белгилангани тўғрисидаги тиббий хулосаларига асосан ногиронлик пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 666 996 нафарни ташкил қилиб, йил бошига нисбатан 21 631 нафар (3,4%)га кўпайди (шундан, 16 ёшдан катта ёшдаги ногирон шахслар 16 008 нафар (2,9%) ва 16 ёшгача ногирон болалар сони 5 623 нафар (5,5%) кўпайди).

2019 йилнинг январь-июнь ойларида Тиббий-меҳнат экспертиза комиссияларининг (ТМЭК) ногиронлик белгилангани тўғрисидаги бирламчи тиббий маълумотномалари ва Тиббий маслаҳат комиссиялари (ТМК) томонидан берилган бирламчи ногиронлик тиббий хулосаларига асосан 36 000 нафар ногиронлиги бўлган шахсларга илк бор ногиронлик пенсия ва нафақалар тайинланиб, жами янги тайинланган пенсия ва нафақалар сонидаги улуши 20,9 %ни ташкил қилди. Шундан, 25 265 нафари (70,2%) 16 ёшдан катта ёшдаги ногирон шахслар ва 10 735 нафари (29,8%) 16 ёшгача ногирон болалар.

2018 йилнинг январь-июнь ойларида 169 340 нафар фуқароларнинг мурожаатига асосан илк бор пенсия ва нафақалар тайинланган. Шундан, 35 252 нафари (20,8%)га ногиронлик пенсия ва нафақалар тайинланган (жумладан, 24 650 нафари (69,9%) 16 ёшдан катта ёшдаги ногирон шахслар ва 10 602 нафари (30,0%) 16 ёшгача ногирон болалар).

Хусусан, 2019 йилнинг январь-июнь ойларида:

Тиббий меҳнат-экспертиза комиссия (ТМЭК)лари томонидан берилган бирламчи ногиронлик маълумотномаларига асосан, 16 ёшдан катта ёшдаги 25 265 нафар шахсларга ногиронлик пенсия ва нафақалар тайинланиб, 2018 йилни шу даврига нисбатан 615 нафар (2,5%)га кўпайди.

Тиббий маслаҳат комиссия (ТМК)лари томонидан берилган бирламчи ногиронлик тиббий хулосаларига асосан, 10 735 нафар 16 ёшгача ногирон болаларга ногиронлик нафақа тайинланиб, 2018 йилни шу даврига нисбатан 133 нафар (1,3%)га кўпайди.

Манбаа: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар