Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан Жиззах ҳамда Самарқанд вилоятларида сайёр қабуллар ўтказилди

2019 йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, пенсия ва нафақа олувчиларнинг умумий сони 3,5 млн. нафарни ташкил қилди.

Пенсия ва нафақа олувчиларнинг саволларига батафсил жавоб бериш, соҳага оид янгиликларни тушунтириб бориш – фуқаролар билан доимий равишда мулоқотлар, учрашувлар ҳамда сайёр қабулларни ўтказишни талаб этади. Айнан шу мақсадда, Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати томонидан ҳудудларда ҳар ойда камида икки маротаба сайёр қабулларни ўтказиб келмоқда.

Жорий йилнинг 18 июль куни Пенсия жамғармаси раҳбарияти томонидан Жиззах вилояти, Жиззах шаҳар 2 – сон болалар мусиқа ва санъат мактабида сайёр қабул ташкиллаштирилди. Қабулда 60 нафардан ортиқ ҳудудда истиқомат қилувчи пенсия ва нафақа олувчи фуқаролар иштирок этишди. Йиғилганларга соҳага оид янгиликлар ҳамда амалдаги қонунчиликдаги ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот бериш билан бир қаторда, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлдаги «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармонининг мазмун-моҳиятига алоҳида тўхталиб ўтилди. 1 августдан пенсия ва ижтимоий нафақалар миқдорининг оширилиши тартиби ҳам тушунтириб берилди.

Сайёр қабулда 20 нафардан ортиқ фуқароларга тайинланган пенсияларни қайта кўриб чиқиш, ногирон фарзандни тарбиялаётган оналарга нафақалар тайинлаш тартиби ва бошқа соҳага оид саволлар билан мурожаат қилишди ҳамда мутахассислар томонидан барча саволларга батафсил маълумотлар берилди.

Шунингдек, шу йилнинг 19 июлида Самарқанд вилояти, Самарқанд тумани, “Хаймари поён” маҳалла фуқаролар йиғинида навбатдаги сайёр қабул ташкил этилди. Қабулда ёшга доир пенсия тайинлашда талаб қилинадиган ҳужжатлар, бугунги кунда пенсия ва нафақа олувчи фуқароларга кўрсатилаётган интерактив хизматлар ҳамда ихтиёрий суғурта бадалларини тўлаш тартиби хусусида тўхталиб ўтилди.

Сайёр қабулда 70 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этган бўлса, 30 нафардан ортир фуқаро пенсия таъминотига оид ўзларини қизиқтирган саволларига жавоблар олишди.

Сайёр қабуллар Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимлари томонидан ҳам ўтказилмоқда.

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати  




Тез-тез бериладиган саволлар