Пенсия жамғармаси ўтказган брифинг тафсилотлари

2019 йилнинг 26 июль куни Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар Агентлигида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 июлдаги ПФ-5765-сон  «Иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар миқдорини ошириш тўғрисида»ги Фармони мазмун-моҳиятига бағишланган брифинг ўтказди.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакилларига Фармоннинг моҳияти, унинг аҳолини ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий қўллаб-қувватлашдаги аҳамияти, пенсия ва нафақаларни оширилиши тартиби, шунингдек ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсия ва нафақа олувчиларини айрим тоифалари учун киритилган ўзгаришлар тўғрисида батафсил маълумотлар ва тушунтиришлар берилди.

Маълумот ўрнида шуни айтиш лозим,  Фармонга мувофиқ, 2019 йил 1 августдан пенсия ва ижтимоий нафақаларнинг миқдори 1,1 бараварга оширилиши натижасида 3,5 млн. нафардан ортиқ пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг моддий таъминоти янада яхшиланади.

Шунингдек, мазкур Фармонда 2019 йил 1 августдан бошлаб ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсия ва нафақалари бўйича қуйидаги ўзгаришлар амалга оширилиши белгиланган:

II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ногиронлик пенсияси энг кам миқдорини белгилашга нисбатан ёндашув тубдан қайта кўриб чиқилди. Янги тартибга мувофиқ, II гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар пенсиясининг энг кам миқдори ҳозирги ёшга доир энг кам пенсиянинг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. Ушбу ўзгартириш қарийб 50 минг нафарга яқин ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсия миқдорини ўртача 145 фоизга оширилишини таъминлайди.

 

-    II гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз шахсларнинг пенсиясига устама миқдори ҳозирги энг кам иш ҳақининг 50 фоизидан 75 фоизига оширилади. Шунингдек, II гуруҳ ёлғиз ногиронларининг ҳар ойлик устама миқдорига яна қўшимча равишда 55,8 минг сўм қўшилади.

 

боқувчисини йўқотганлик нафақаси миқдори меҳнатга лаёқатсиз оила аъзолари сонига амалдаги фоизлар нисбати сақланган ҳолда ёшга доир пенсиянинг энг кам миқдоридан келиб чиқиб белгиланиши киритилди. Мазкур тартибга асосан 30 мингдан ортиқ боқувчисини йўқотганлик нафақаси олувчиларнинг нафақалари ўртача 163 фоизга оширилади.

 

      Брифингда шу вақтга қадар пенсия тайинлаш учун етарлича иш стажига эга бўлмаган нафақа олувчиларнинг нафақа миқдорларига қўшимчалар белгилаш амалиётга жорий қилинмаганлиги таъкидлаб ўтилиб, Фармонга мувофиқ 2019 йил 1 августидан бошлаб I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчи, шу жумладан 16 ёшдан катта болаликдан I гуруҳ ногиронлик нафақаси олувчиларга энг кам иш ҳақининг 25 фоизи, яъни 55 750 сўм миқдорда ҳар ойлик қўшимча тўловлар жорий қилинади. Ушбу ўзгариш қарийб 23 минг нафардан ортиқ ногирон фуқароларга тааллуқли бўлади.

      Оммавий ахборот воситалари вакиллари Пенсия жамғармаси фаолиятига оид бошқа саволларига ҳам жавоблар олишди.

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар