1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахслар доимий равишда давлат эътиборида

Бугунги кунда Пенсия жамғармасининг ҳудудий туман (шаҳар) бўлимлари ҳисобида турган 1941-1945 йиллардаги уруш фахрийлари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахсларнинг умумий сони 774 нафар киши, шундан 112 нафари аёллар (булардан, уруш ногиронлари ва қатнашчилари 687 нафар, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари 56 нафар, Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда корхоналарда ишлаган шахслар 31 нафар).

1941-1945 йиллардаги уруш қатнашчилари, ногиронлари ва уларга тенглаштирилган шахсларнинг ижтимоий ҳимоясига давлатимиз томонидан эътибор кучайтирилиб, пенсиясига қўшимча равишда имтиёзлар жорий этилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 28-моддасига асосан,

  • 1994 йил 1 июлдан бошлаб 1-гуруҳ уруш ногирони пенсиясига энг кам иш ҳақининг 150 фоизи миқдорида (бугунги кунда 334 500 сўм),
  • 2-гуруҳ уруш ногирони пенсиясига энг кам иш ҳақининг 125 фоизи миқдорида (бугунги кунда 278 750 сўм),
  • уруш қатнашчилари, фашистлар концлагерларининг вояга етмаган собиқ маҳбуслари ва Ленинград шаҳри қамал қилинган даврда ишлаган шахслар пенсиясига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи миқдорида устама ҳақ (бугунги кунда 111 500 сўм) белгиланган.

Адлия вазирлигида 2010 йил 30 декабрда рўйхатдан ўтказилган “Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича компенсация пул тўловларининг механизми тўғрисида”ги
2175-сон Низомга асосан, 1941 - 1945 йиллардаги уруш ногиронлари ва қатнашчиларига энг кам иш ҳақининг 50 фоизи (бугунги кунда 111 500 сўм) миқдорида, фашист концлагерларининг собиқ вояга етмаган маҳбусларига ва Ленинград шаҳри қамали даврида ишлаган фуқароларга энг кам иш ҳақининг 45 фоизи (бугунги кунда 100 350 сўм) миқдорида ҳар ойлик компенсация пули тўланади.

Компенсацияни тўлаш фуқаро вафот этганда, компенсацияга ҳуқуқ йўқолганда, доимий яшаш учун Ўзбекистон Республикаси ташқарисига чиқиб кетилганда тўхтатилади.

Уй-жой-коммунал хизматлар ҳақини тўлаш бўйича қонун ҳужжатларига кўра, алоҳида тоифадаги фуқароларга бериладиган имтиёзлар ўрнига ойлик компенсация пул тўловлари Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан Пенсия жамғармаси ижро этувчи аппарати ва ҳудудий бўлимлари орқали амалга молиялаштирилади.

 

Манбаа: Пенсия жамғармаси Матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар