Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси асосида иш стажига эга бўлишлари мумкин

Мамлакатимизда фуқароларнинг меҳнат ва тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, иш билан таъминланиш соҳасида ижтимоий кафолатлар бериш ва аҳолини ишсизликдан ҳимоя қилишни таъминлаш борасида изчил давлат сиёсати амалга ошириб келинмоқда.

Жумладан, ўзини ўзи банд қилиш ҳисобига ўзини меҳнат даромади билан таъминлайдиган шахсларнинг меҳнат фаолиятини тартибга солиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 июлдаги “Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар учун вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини жорий этиш тўғрисида” қарори билан “Ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси бериш тартиби тўғрисидаги Низом” тасдиқланди.

Мазкур Низомга кўра, ўзини ўзи банд қилган фуқаролар тушунчаси аниқ белгилаб қўйилди.

Ўзини ўзи банд қилган фуқаролар — меҳнат даромади олишга йўналтирилган жисмоний ва юридик шахсларга хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш бўйича шахсий меҳнати билан иштирок этишга асосланган фаолиятини мустақил амалга оширадиган, якка тартибдаги тадбиркорлар сифатида рўйхатга олинмаган ва ўз фаолиятида ёлланма ходимлар меҳнатидан фойдаланмайдиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи билан вақтинчалик меҳнат гувоҳномаларини белгиланган тартибда расмийлаштирган жисмоний шахслар.

Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси меҳнат органи томонидан бериладиган ва фуқаронинг ўзини ўзи банд қилган фуқаро сифатидаги меҳнат мақомини белгилаб берадиган, меҳнат стажи ҳисобга олиниши ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган ҳужжат ҳисобланади.

2019 йил 1 сентябрдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган фуқароларга вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари, уларнинг эгаларига меҳнат стажини ҳисобга олиш ва рағбатлантирувчи имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқи берилишини назарда тутадиган тартиб жорий қилинди.

Ушбу Низомда кўра, 24 та фаолият (хизматлар, ишлар) турлари билан банд бўлган фуқаролар вақтинчалик меҳнат гувоҳномасини бир ойдан ўн икки ойгача расмийлаштириши мумкин. Мазкур гувоҳнома берилганлиги учун қуйидаги тартибда тўловлар ундирилади:

Вақтинчалик меҳнат гувоҳномаси қуйидаги муддатга берилади (ойлар)

Тўлов миқдори (базавий ҳисоблаш миқдори баравари)

1 0,5
3 1,4
6 2,6
9 3,7
12 4,5

 

Маълумот учун: 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб базавий ҳисоблаш миқдори 223 000 сўм миқдорида белгиланган.

Меҳнат гувоҳномасида кўрсатилган ўзини ўзи банд қилиш тартибидаги меҳнат фаолиятини амалга ошириш даври пенсия олиш ҳуқуқига эга бўлинган пайтдан бошлаб давлат пенсияларини ҳисоблаш учун қабул қилинадиган иш стажига ҳисобланади.

Меҳнат гувоҳномасининг амал қилиш даври бу даврда ўзини ўзи банд қилиш тартибида меҳнат фаолияти амалда бажарилганлиги ёки бажарилмаганлигидан қатъи назар пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун меҳнат стажига ҳисобланади.

Энг аҳамиятлиси шундаки, вақтинчалик меҳнат гувоҳномалари берилганлиги учун фуқаролардан тўланган маблағларнинг 60 фоизи Пенсия жамғармасига, 20 фоизи Бандликка кўмаклашиш жамғармасига ва 20 фоизи маҳаллий бюджетга йўналтирилади.

 

Манба: Пенсия жамғармаси Матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар