“Daryo.uz” сайтига мурожаат қилган Қамашилик аёлнинг пенсияга чиқишига ким тўсқинлик қилмоқда...?!

Қашқадарё вилояти, Қамаши тумани, Майда маҳалласи, Дурмон қишлоғида яшовчи фуқаро Эшмирзаева Бибихол Абдирахмоновнанинг жорий йил 26 ноябрь куни “Daryo.uz”ижтимоий сайтига қилган мурожаати ортидан ўтказилган ўрганишларда қуйидагилар аниқланди.

1965 йил 19 августда туғилган фуқаро Б.Эшмирзаева ўз мурожаатида, 2015 йилнинг 2 август куни Қамаши туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлими томонидан биометрик паспортидаги маълумотлар нотўғри берилганлигини маълум қилган.

Қамаши туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимининг масъул мутахассиси эътиборсизлиги туфайли, Б.Эшмирзаеванинг фуқаролик паспортида жинсига оид маълумотлари “аёл” ўрнига “эркак” деб қайд этилганлиги ва бу хатоликни тўғрилатиш учун туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилинганида, қайта суратга тушиш ва яна янги паспортга тўланадиган тўловини амалга ошириш сўралган.

Хўш, бу хатолик оқибатининг пенсияга нима таъсири борлиги барчани қизиқтирса керак. Келинг, яхшиси бу камчиликни оқибатлари аёлларнинг пенсияга чиқишига қандай тўсқинлик қилиши билан яқиндан танишсак:

Бугунги кунда Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг идоралараро маълумот алмашинуви платформаси ўртасида электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилган бўлиб, ушбу электрон алмашинув ёрдамида жами 3,6 млн. нафар (умумий контингентга нисбатан 98,2%) пенсия ва нафақа олувчиларнинг шахсий маълумотлари солиштириб чиқилган бўлиб, янгидан пенсия тайинлаш жараёнида ҳудудлардаги Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмасидаги жисмоний шахсларнинг индентификация рақамлари ва паспорт маълумотлари “Пенсия” дастурий таъминотида кўринади.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонуннинг 121-моддасида умумий белгиланган ёшни бир йилга қисқартирилган ҳолда пенсия олиш ҳуқуқи тартибга солинган бўлиб, бунга кўра ушбу Қонун 37-моддасининг «а», «б», «в» ва «г» бандларида назарда тутилган камида йигирма йиллик иш стажи бўлган аёллар эллик тўрт ёшга тўлганда пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Демак мазкур Қонун талабига кўра, бир йил олдин яъни, 54 ёшидан пенсия тайинлаш учун аввало фуқаронинг жинси “аёл” бўлиши керак ва ундан кейинги талаби бўйича камида 20 йиллик меҳнат стжига эга бўлиши зарурдир.

Юқоридаги қонун талаблари ҳамда идоралараро электрон ахборот алмашинуви йўлга қўйилганлиги боис, фуқаро Б.Эшмирзаеванинг фуқаролик паспортида жинсига оид маълумотлари нотўғри (“аёл” ўрнига “эркак”) ёзилганлиги сабабли 54 ёшдан пенсия тайинлаш имкони йўқлиги ҳақида Пенсия жамғармасининг Қамаши туман бўлими томонидан фуқарога тегишли тушунтиришлар берилган.

Шундан кейин, фуқаро Б.Эшмирзаева бир неча маротаба Қамаши туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилишига қарамай, фуқаролик паспортидаги жинсига оид маълумотлари тўғрилаб берилмаганлиги натижасида пенсияга чиқа олмаётганлигини билдириб, “Дарё.Уз” ижтимоий сайтига ушбу масалада амалий ёрдам беришларини сўраб мурожаат қилган.

Фуқаронинг мазкур мурожаатидан кейин Пенсия жамғармаси Қамаши тумани бўлими ходимлари ёрдамида Қамаши туман Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига мурожаат қилинган ва шу йилнинг 26 ноябрь куни фуқаролик паспортидаги хато-камчилик бартараф этилиб, шу куннинг ўзида фуқаро Б.Эшмирзаевага ёшга доир (54 ёшидан) имтиёзли пенсия тайинланди.
 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати

 




Тез-тез бериладиган саволлар