Пенсия ва нафақа айни бир хил тушунчами?

Бугунги кунда кундалик ҳаётимизда пенсия ва нафақа тушунчалари кенг қўлланилмоқда. Мен “пенсиядаман”, “нафақадаман”, “нафақахўрман”, “нафақам фалон сўм бўлибди”, “пенсиямни ҳали беришмади”, “нафақамни олдим” каби гапларни кўп эшитамиз. Оммавий ахборот воситалари, интернет сайтларида бу икки атама ҳам қўлланилмоқда, кўп ҳолларда эса “пенсия” ўрнига “нафақа”, айрим ҳолларда уни акси қўлланилмоқда.

Жамиятда моҳияти жиҳатдан бир маъно ва мазмунда қўлланилаётган мазкур икки атама ҳақиқатда ҳам бир хил мазмунни ифодалайдими? Ёки икки тушунча бир-биридан тубдан фарқ қиладими? Уларни оммавий ахборот воситаларида маъно-мазмун жиҳатдан тенг қўллаш мумкинми? Қуйида шу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламиз.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган “Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомга кўра,

пенсия – уни олиш ҳуқуқи “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида” Қонунда белгиланган шартларга ва меъёрларга мувофиқ аниқланадиган ҳамда шахсларга пенсия ёшига тўлиш, ногиронлик ёки боқувчисини йўқотганлик муносабати билан бериладиган ойлик пул тўлови”ни англатади.

Пенсияларнинг 3 тури мавжуд:

  • ёшга доир;
  • ногиронлик;
  • боқувчисини йўқотганлик.

Амалдаги норматив ҳужжатларда нафақа тушунчасига берилган аниқ таъриф мавжуд эмас. Ўзбекистон миллий энциклопедиясида “нафақа – муҳтож одамларга давлат, корхона, муассаса ва айрим шахслар томонидан бериладиган ёрдам пули” сифатида тавсифланган.

Нафақаларнинг қуйидаги асосий турлари мавжуд :

вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси,

ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси,

бола туғилганда нафақаси,

дафн этиш маросими учун бериладиган нафақа,

ишсизлик нафақаси,

ишдан бўшатиш нафақаси,

ходимнинг вафоти муносабати билан бир йўла бериладиган нафақа,

ёшга доир,

ногиронлик

боқувчисини йўқотганлик нафақаси

болали оилаларга нафақа;

бола парвариши бўйича нафақа.

Пенсия ва нафақаларнинг асосий фарқларини қуйидагиларда кўриш мумкин:

  • пенсия жамият аъзосининг жамиятдаги меҳнат фаолиятида иштирок этганлиги учун берилади, яъни фуқаро меҳнат қилиб, тегишли меҳнат стажига эга бўлиб, ўрнатилган тартибда бадалларни тўланганлиги учун унга ва унинг оила аъзолари учун бериладиган тўловдир. Нафақа эса моддий жиҳатдан муҳтож бўлганлар учун давлат томонидан бериладиган моддий ёрдамдир;
  • пенсиялар, фуқароларга пенсия олиш ҳуқуқи юзага келганда унинг моддий аҳволидан қатъий назар тайинланади, нафақа эса шахснинг моддий муҳтожлигини ва ижтимоий ҳолатини инобатга олган ҳолда тайинланади ва тўланади;
  • пенсия ёшига етган фуқароларга иш стажи даври ва ойлик иш ҳақи миқдоридан келиб чиқиб тайинланади. Нафақа эса қатъий миқдорларда белгиланади, айрим нафақа турлари иш ҳақи миқдорига ва бошқа омилларга боғлиқ бўлади;
  • пенсия олиш ҳуқуқи эркакларда 60 ёшга тўлганда ва меҳнат стажи 25 йил, аёлларда эса 55 ёшга тўлганда ва меҳнат стажи 20 йил бўлганда юзага келади, бироқ меҳнат стажи 7 йилдан кам бўлиши мумкин эмас. Нафақа эса 7 йилдан кам меҳнат стажи мавжуд бўлган фуқароларга – эркаклар 65 ёш, аёллар эса 60 ёшга тўлганларида тайинланади.
  • нафақанинг ёрдам пули сифатида ифодаланиши кундалик ҳаётимизда унинг олувчиларини “нафақахўр” деб аталишига олиб келди. Бу эса, қайсидир маънода, нафақа олувчини камситиш (текинхўр каби) сифатида қаралади. Шунинг учун “нафақахўр” эмас, балки “нафақа олувчи” деб аталиши зарур. Пенсия олувчини эса пенсионер деб аташ ўринли;
  • пенсиялар фуқароларга бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси маблағлари ҳисобидан, нафақа эса давлат бюджети маблағлари ҳисобидан тўланади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, айтиш мумкинки “пенсия” ва “нафақа” тушунчалари айнан бир хил тушунчалар эмас. Уларни кундалик ҳаётимизда, оммавий ахборот воситаларида ҳамда интернет сайтларида тўғри қўллаш мақсадга мувофиқдир.

 

Манба:Пенсия жамғармаси матбуот хизмати 




Тез-тез бериладиган саволлар