Пандемия даврида пенсия таъминотида фуқаролар учун яратилган қулайликлар: сўнгги янгиликлар

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус Комиссияси ҳамда коронавируснинг тарқалишига қарши курашиш чора-тадбирларини мувофиқлаштириш ва хавфсизликни таъминлаш бўйича махсус штабининг 2020 йил 14 апрелдаги қарорига мувофиқ.

Пенсионер ва нафақа олувчиларнинг саломатлигини сақлаш мақсадида, шунингдек, Жахон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) тавсияларига кўра республикадаги эпидемиологик ҳолат барқарорлашгунга қадар 2020 йилнинг май ойидан пенсия ва нафақаларни тўлиқлигича банк пластик карталари орқали амалга ошириш чораларини кўриш вазифаси юклатилган.

Бунда,

2020 йилнинг май ойидан - Тошкент, Нукус шаҳарлари ҳамда вилоят марказларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг пенсия ва нафақалари тўлиқ банк пластик карталарига ўтказилади.

2020 йилнинг июнь ойидан - республиканинг барча ҳудудларидаги фуқароларнинг пенсия ва нафақалари банк пластик карталари орқали тўланиши таъминланади.

Карантин даврида пенсия тўловлари банк пластик карталари орқали амалга оширилади.

Бу қай тарзда амалга оширилади?

Биринчи навбатда, АТ “Халқ банки” томонидан пенсия ва нафақаларини нақд пулда олувчи барча фуқаролар учун банк пластик карталари очилади.

Бунда, ортиқча қоғозбозликсиз, фуқаролардан паспорт нусҳалари ва бошқа хужжатлар талаб этилмаган ҳолда Пенсия жамғармаси ҳамда Халқ банки ўртасида электрон маълумот алмашинуви амалга оширилади. Демак, фуқароларнинг оворагарчилигисиз пластик карталар рассмийлаштирилади.

Кейин, Пенсия жамғармаси томонидан фуқароларнинг пенсия ва нафақа маблағлари уларнинг АТ “Халқ банки”да очилган банк пластик карталарига ўтказиб берилади.

Бунда, махсус комиссия тавсиясига кўра (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра коронавирус қоғоз банкноталарда 3-4 кунгача, мақбул шароитларда эса ундан ҳам кўп вақт сақланиши мумкинлигини қайд этган), қоғоз шаклидаги ҳужжатларда коронавирус инфекцияси тарқатишнинг юқори даражадаги ҳусусиятига эга эканлигини инобатга олган ҳолда (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра короновирус инфекциясига кўпроқ мойиллиги бўлган асосий хавф гуруҳига кекса ёшдаги, сурункали касалликлари мавжуд ва ногиронлар кириши қайд этилган) фуқаролардан ариза талаб этилмайди.

Шундан сўнг, пенсия ва нафақа олувчиларга очилган банк пластик карталари маҳалла фуқаролар йиғинлари бўйича белгиланган пенсия ва нафақаларни етказиш графикларига мувофиқ, АТ “Халқ банки”нинг сайёр кассалари томонидан фуқароларнинг яшаш манзилларига етказилади.

Пенсия ва нафақа олувчиларга очилган банк пластик карталари учун фуқаролардан ҳеч қандай тўлов ва ҳақ олинмайди.

Муҳими шуки, АТ “Халқ банки” сайёр кассалари томонидан банк пластик карталарини етказиш чоғида, фуқароларнинг ҳоҳишига асосан банк картасидаги пуллар фоизсиз нақдлаштириб берилади.

Қулайликларни билиш муҳим!!!

 

Хизмат
турлари

Қулайликлар

Халк банкининг пенсия ва нафақа олувчилари картаси

Бошқа
ҳолатларда

Пенсия ва нафақа пулларини тўлаш (картага кирим қилиш)

Ҳар ойнинг
1-5 саналарида

Нақд пулда
ҳар ойнинг
27 санасига қадар

Банк картасини
очиш

Бепул

Тижорат банкнинг тарифига кўра

Пенсия пулларини нақдлаштириш учун хизмат ҳақи*

Бепул

Банк тарифига
кўра 1 фоиз
ва ундан юқори

Пластик картадаги пенсия пули қолдиқларига даромад тўланиши

Қолдиқ суммага йиллик
8%

Мавжуд эмас

 

*Изоҳ. Ҳалқ банки пластик карталари орқали пенсияларни олувчилари, банкнинг кассалари ва банкоматлар орқали пулларини нақдлаштириш (ечиш)да, нақдлаштирилган суммадан хизмат ҳақи ушлаб қолинмайди.   

Банк пластик карталардан фойдаланиш учун кандай шароитлар яратилади?

Асосий эътибор босқичма-босқич барча маҳалла фуқаролар йиғинлари бинолари олдида банкоматлар жойлаштириш ишлари тизимли равишда амалга оширилади;

Банкоматлар билан таъминланмаган маҳалла фуқаролар йиғинларига ҳар ойда графикка мувофиқ, АТ “Халқ банки” сайёр кассалари фуқароларнинг яшаш манзилига борган ҳолда уларнинг хоҳишига кўра банк картасидаги маблағларни нақдлаштириб берилиш имконияти яратилади.

Шунингдек, бозорлардаги ва маҳаллалардаги озиқ-овқат дўконларида терминаллар тўлиқ ишлари устидан солиқ идоралари томонидан қатъий назорат ўрнатилади.

Пенсия пулларини бошқа тижорат банклари орқали олиб турган фуқароларга тўловлар қандай амалга оширилади?

Бугунги кунда пенсия ва нафақаларини бошқа тижорат банкларининг пластик карталари орқали олиб турган жами 370 мингдан ортиқ фуқароларнинг пенсиялари бўйича тўловлар, келгуси ойларда ҳам уларининг (мавжуд) банк карталари орқали амалга оширилиши давом эттирилади.

Бунда, пенсия ва нафақаларни қисман банк пластик картаси ва қолган қисмини нақд пул шаклида олиб турган жами 121 мингдан ортиқ фуқароларга ҳам келгуси ойдан тўловлар тўлиқ (100%) ўзларининг (мавжуд) банк пластик карталарига ўтказиш орқали амалга оширилади.

Фуқароларга яна қандай қулайликлар яратилди?

Қўшимча равишда айтиш жойизки, ногиронлик муддати тугайдиган фуқароларни қайта тиббий кўрикдан ўтказмасдан ногиронлик муддатлари Тиббий-меҳнат экспертизаси комиссия (ТМЭК)лари томонидан автоматик тарзда узайтирилади ҳамда уларга пенсия (нафақа) тўловлари давом эттирилади.

Бунда, ногиронлиги бўлган шахслар, пенсия тўловларини давом эттирилиши учун ногиронлигини қайта қўрикдан ўтказиш (муддатини узайтириш ва ногиронлик белгилаш) мақсадида ТМЭКга боришлари талаб этилмайди. Пенсия пуллари карантин чекловлари даврида давом эттирилади.

Шунингдек, пенсия ва нафақа (жумладан, дафн маросими ва бола туғилганда бериладиган бир марталик нафақа)ларга ҳуқуқи пайдо бўлган фукароларга, карантин тадбирлари тугагандан кейин бир ой давомида Пенсия жамғармаси туман (шаҳар) бўлимларига мурожаат этишлари мумкин. Бунда, уларга пенсия (нафақа)лар карантин чекловлари давридаги ҳукуки пайдо бўлган санадан тайинланади.

Маълумот учун:

Фуқаролар пенсия тайинлашни сўраб туман (шаҳар) Пенсия жамғармаси бўлимига пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлгандан 60 кун ичида мурожаат этсалар, уларга пенсия, пенсия ёшига тўлган кундан эътиборан тайинланади.

Масалан, фуқаро шу йилнинг 24 март куни 60 ёшга тўлди ва шу йилнинг 22 майига қадар (60 кун ичида) ариза билан мурожаат қилганда, унга пенсия 24.03.2020 йилдан тайинланиши лозим эди. Бироқ карантин даврида у мурожаат қила олмади. Фуқаро 1 июлга қадар (агар карантин чекловлари жорий йилнинг
1 июнига қадар давом этган тақдирда) зарур ҳужжатлар билан яшаш жойи бўйича Пенсия жамғармасига мурожаат қилса, унга пенсия, ҳуқуқи пайдо бўлган сана (24.03.2020 йил)дан тайинланади.

Шу билан бирга, пенсия (нафақа)лар тўлови устидан мониторинг ишлари масофадан ахборот-коммуникация тизимларидан фойдаланган ҳолда ўтказилиши белаланган бўлиб, Пенсия жамғармаси томонидан бу муддат ичида электрон маълумотлар базасидан фойдаланган ҳолда пенсияларни тўғри тайнланганлиги ва тўланишини назорат қилиб борилади.

Яна бир муҳим қулайлик, бу банк пластик карталари ва ишончнома орқали пенсия (нафақа) олаётган ҳамда тайинланган пенсия (нафақа)га бўлган ҳуқуқини тасдиқлаш муддати келган ва паспорт муддати тугаган фуқаролардан ҳужжат талаб этилмасдан тўлов муддатлари 4 ойга узайтирилади.

Мисол учун, пенсионер 2019 ноябрь ойидан пенсия тўловларини банк пластик картасига ўтказиш учун ариза ёзиб 2019 йил ноябрь ойидан 2020 йил апрель ойига қадар (6 ой мобайнида) пенсияни банк пластик картасида олиб келган. Қонунчиликка мувофиқ фуқаро ўзининг пенсияга бўлган ҳуқуқини ҳар 6 ойда тасдиқлаши лозим (фуқаро мурожаат этмаса яшаш манзилигига бориб мониторинг ўтказилади). Карантин даврида ушбу фуқародан ҳужжат талаб этилмасдан (мониторинг ўтказмаган ҳолда) тўлови муддати 4 ойга, яъни 2020 йил сентябрь ойига қадар узайтирилади.

Шунингдек, фуқароларга банк пластик карталарини етказиш, маблағларни нақдлаштириш масалалари бўйича Халқ банкининг 1106 – Ишонч телефонига мурожаат қилишингиз мумкин.

Бундан ташқари, пенсия таъминотига оид саволлар бўйича Пенсия жамғармасининг 1140 – Ишонч телефони ҳам фаолият юритаётганини эслатиб ўтамиз.

 

Манба: Пенсия жамғармаси матбуот хизмати




Тез-тез бериладиган саволлар